Размер шрифта:
A A
Цвет сайта:
A A

Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларида – Агентлик) Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 июлдаги №ПФ-5120-сонли Фармонига биноан ташкил этилган.

Агентлик – давлат раҳбарига ҳисобот берувчи юридик шахс ҳуқуқларига эга бўлган давлат муассасаси ҳисобланади.

Унинг фаолият соҳаси давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган хўжалик ташкилотлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мутасаддилик қиладиган хўжалик субъектларига нисбатан татбиқ этилади. ЛБМА рақамли иқтисодиётни татбиқ этиш ва ривожлантириш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Лойиҳа бошқаруви нима?

Бу жараённи бошқариш бўлиб, чегараланган ресурс ва вақтга эга бўлган ҳолда белгиланган натижа – мақсадга эришиш қобилиятидир. Лойиҳалар кўп бўлса-чи? Бу ҳолда қарор қабул қилиш ва лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини назорат қилиш учун тизимли ёндашув, методология ва самарали механизм керак бўлади. Республика миқёсида олиб қаралса, ҳар бир тармоқ йилига ўнлаб, балки юзлаб лойиҳалар ишлаб чиқиладиган шароитда ҳар бири белгиланган натижага тўлиқ эришиши учун лойиҳаларни пухта бошқариш ниҳоятда зарур ҳисобланади. Айнан шу вазифа Агентликка юклатилган.

Агентлик – бир йўла бир неча йўналишларда ўзаро уйғунликда фаолият юритувчи мутахассислар жамоасидир.

Агентлик бугун:

  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, бизнес-уюшмалар эксперт ишчи гуруҳлар фаолиятини, лойиҳаларни амалга ошириш тартибини Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш масалаларини ҳисобга олиб ташкиллаштиради ва мувофиқлаштиради. Агентлик фаолияти доирасига кирувчи масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий равишда Агентлик билан келишилиши лозим;
  • ислоҳотларни амалга ошириш натижаларини ўрганади, Ўзбекистон инвестиция дастурларининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилади;
  • блокчейн технологиялари татбиқ этилиши мумкин бўлган фаолият доираларини аниқлайди, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва блокчейн технологияларини татбиқ этишни назарда тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини мажбурий равишда экспертизадан ўтказади;
  • давлат маблағлари ҳисобидан молиялаштирилувчи лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида бажарилишига кўмаклашади;
  • норентабел ва самарадорлиги паст бўлган лойиҳаларни аниқлайди;
  • давлат органларига замонавий технологияларни татбиқ этиш концепциясини ишлаб чиқиш ва уни ҳар тарафлама таҳлил этишни таъминлайди;
  • лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва малакасини оширишда кўмаклашади.

Агентлик давлат ва нодавлат ташкилотлари, муассасалар, тадбиркорлик субъектлари, Ўзбекистон Республикасидаги чет давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар, чет эл корхоналари ва мутахассислари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Агентлик «Mirzo Ulugbek Innovation Center», Абу Райҳон Беруний номидаги Республика бизнес ва бошқарув олий мактаби, «Delta city» Халқаро юқори технологиялар инновацион маркази, «Рақамли ишонч» рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини назорат қилади.

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.