Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

«Mangu.uz» лойиҳаси билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган хатарлар тўғрисида ахборот

«Mangu.uz» лойиҳаси билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган хатарлар тўғрисида ахборот

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) “Mangu.uz” лойиҳаси (кейинги ўринларда – Лойиҳа) билан боғлиқ эҳтимолий хатарлар ҳақида огоҳлантиради.

Лойиҳа «AQL EGALARI» МЧЖ томонидан амалга оширилган бўлиб, у қуйидаги элементларни ўз ичига олади:

  • реклама платформасида бир пикселга тенг “MNG” шартли бирликлари;

  • реклама маълумотларини жойлаштириш учун реклама платформаси;

  • “MNG” шартли бирликлари савдо биржаси;

  • “MNG” шартли бирликларига товар сотиш учун лойиҳанинг махсус савдо майдончаси;

  • “MNG” ни сотиш ва сотиб олиш ҳамда лойиҳанинг бошқа янгиликлари ҳақида маълумот бериш учун ижтимоий тармоқлардаги (Facebook, Instagram, Telegram ва ҳоказо) турли каналлар, гуруҳлар ва ботлар.

Агентлик томонидан амалга оширилган лойиҳа фаолиятининг таҳлили бир қатор зиддиятли, нотўғри ва чалғитувчи маълумотларни, шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларига номувофиқликларни очиб берди, хусусан:

1) лойиҳа инновацион ечим сифатида тарғиб этилган, лекин пиксел сотиш ғояси 2005 йилдан бери мавжуд – milliondollarhomepage.com веб саҳифаси яратилгандан сўнг шунга ўхшаш кўплаб лойиҳалар пайдо бўлди. Бироқ, ушбу лойиҳаларнинг аксарияти битта саҳифадаги пикселларни сотиш орқали ўз яратувчиларини тезда бойитишга қаратилган эди ва харидорлар бундай рекламадан керакли фойда олишолмаган;

2) лойиҳа яратувчилари “MNG” шартли бирликлари криптовалюта эмаслигини таъкидлаган ҳолда, “MNG” шартли бирликларини криставалюта сифатида тарғиб килишмоқда, гўёки “MNG” шартли бирликлари билан крипто-активлар (криптовалюта) орасидаги боғликликга ишора қилгандек. “MNG”ни криставалюта деб номлашдан асосий манфаат – бу солиқ имтиёзларидан фойдаланиш имкониятини олиш бўлиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операциялари, жумладан норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операциялар солиқ солинадиган объект ҳисобланмайди, мазкур операциялар юзасидан олинган даромадлар эса солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича солиқ солинадиган базага киритилмайди). 

Лойиҳанинг веб-сайтида қуйидаги баёнот тақдим етилади (услуб, имло ва тиниш белгилари аслича сақланган):

“Бренд «Mangu» ҳамёнидаги сўм орқали савдо қилишдан ташқари ўзига бириктирилган махсус электрон ҳамёнга «Mangu» pixel’ларини қабул қилиб ҳам савдо тушумини юритиши мумкин. Бунда Брендлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3-июлдаги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ айнан рақамли актив шаклидаги pixel’лар билан амалга оширган пул муносабатларига солиқ тўловларини тўламайдилар. Улар кўрсатилган имтиёзда ҳисобланиб, бугунгача 5% дан 23% гача тўлаб келаётган даромад солиқларидан бутунлай озод этилишлари мумкин.”

Шуни таъкидлаш керакки, лойиҳа ўз фаолиятида блокчейн технологияси ва криптографиядан фойдаланмайди, “MNG” шартли бирликлари, албатта, крипто-актив эмас. Шунга қарамай, чалғитувчи “криставалюта” аматасини ишлатиш орқали, лойиҳа ташкилотчилари ва унинг барча иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ноқонуний асос қилиб, олинган даромаддан солиқ тўламаганлар.

Интернет тармоғида эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2019 йилда лойиҳа иштирокчилари айланмаси 4 млрд. сўмни ташкил этган.

Агентлик томонидан солиқ органларига лойиҳа ташкилотчилари ва иштирокчилари томонидан имтиёзлардан фойдаланишнинг қонунийлигини ўрганиш бўйича сўров юборилди;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сонли “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ крипто-активлар айланмаси соҳасидаги, жумладан крипто-активлар савдоси бўйича крипто-биржалар яратиш фаолияти лицензияланиши лозим. Аммо, Агентлик томонидан “AQL EGALARI” МЧЖга крипто-актив айланмаси соҳасида фаолиятни амалга ошириш учун лицензия берилмаган;

4) лойиҳа сайтида “MNG” шартли бирликлари “криставалюта” атамасидан ташқари “пиксел”, “облигация”, “токен”, “акциялар”, “электрон пул” ва ҳ.к. сифатида таърифланган. 

Мавжуд маълумотларга кўра, “AQL EGALARI” МЧЖ томонидан қимматли қоғозлар бозори соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган облигациялар ёки акцияларни муомалага чиқариш бўйича тегишли талаблар бажарилмаган. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунига асосан, электрон пулларни муомалага чиқариш фақат тижорат банклари томонидан амалга оширилиши мумкин;

5) Ўзбекистон Республикасининг “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг миллий валютаси “сўм” пул бирлиги бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (ишлар, хизматлар) учун барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширилади. Шунингдек, ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотилаётган товарлар (ишлар, хизматлар) нархларини хорижий валюталарга ва шартли бирликларга боғлашга йўл қўймайди. 

Шундай қилиб, “Mangu” лойиҳаси ташкилотчилари фаолиятида солиқ ва валюта, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори соҳасида тегишли қонунчилик талабларининг бузилиши аломатлари кузатилмоқда.

“MNG” шартли бирликлари реал активлар билан таъминланмаганлиги ва фаолиятни амалга ошириш учун зарур рухсатномаларнинг йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, Агентлик фуқароларни бундай шубҳали лойиҳаларга ўз маблағларини инвестиция қилиш билан боғлиқ хатарлардан огоҳлантиради.

Агентлик томонидан “Mangu” лойиҳаси ва унинг ташкилотчилари фаолияти ҳақидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органларига қонуний чоралар кўриш учун юборилди.



Рўйхатга қайтиш

ИТ Парк – бу ИТ-компаниялар учун истиқболли бошланғич лойиҳаларни, ташқи иқтисодий зонани, шу жумладан илмий ва таълим ташкилотлари билан интеграциялашган ҳолда ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган обектлар, бино ва иншоотлар мажмуаси.

it-Park