Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

My.gov.uz порталида “Ҳаётий вазиятлар” бўлими ишга тушди

My.gov.uz порталида “Ҳаётий вазиятлар” бўлими ишга тушди

2020 йил 13 феврал куни Абу Райхон Беруний номидаги республика Бизнес ва бошқарув олий мактаби биносида «Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «Ҳаётий вазиятлар» бўлими тақдимоти» мавзусида матбуот брифинги бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентилиги (ЛБМА) қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази, БМТ Тараққиёт дастури ва Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ташкил этилди.

Брифингда my.gov.uz порталида ишга туширилган “Ҳаётий вазиятлар” бўлими тақдимоти ўтказилди, бўлимда оммабоп давлат хизматларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар ҳаётий вазиятлар тематик блокларига гуруҳланган. Хозирги вақтда бўлим 7 ҳаётий вазиятни ўз ичига олади:

1.       Фарзанд туғилиши - Ҳомиладорлик бўйича рўйхатдан ўтиш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш, таътил муддати, суюнчи миқдори, туғруқхона хизматларидан фойдаланиш тартиби.

2.       Меҳнат муносабатлари - Иш қидиряпман, ишга киришда ҳужжат расмийлаштирилиши, ишсизлик нафақаси, малака ошириш ва қайта тайёрловдан ўтишда давлат хизматларидан фойдаланиш.

3.       Оила қуриш ва оилани тугатиш - Никоҳни расмийлаштириш, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузиш, никоҳ шартномаси ва уни тузиш, никоҳни бекор қилиш.

4.       Пенсия расмийлаштириш ва уни олиш - Иш стажи хисобланиши, тасдиқловчи ҳужжатлар, пенсияни бошқа турига ўзгартириш, ишловчи пенсионерга пенсия тўлови.

5.       Яшаш жойида прописка қилиш ва рўйхатдан ўтиш - Доимий пропискани олиш, пропискадан чиқиш, яшаш жойи бўйича вақтинча рўйхатга қўйиш.

6.       Таълим - Болани боғчага бериш, мактабга қабул қилиш, имтиёзлар, президент мактаблари, олий ўқув юртига кириш, магистратурада ўқиш.

7.       Ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси - ногиронликни расмийлаштириш, мезонлар, ногиронлиги бор шахслар учун нафака, пенсия ва имтиёзлар.

Матбуот брифингида БМТТД лойиҳаси координатори Бунёд Хашимходжаев, “Ҳаётий вазиятлар” принципи асосида давлат хизматларини тақдим этишни соддалаштириш бўйича тақдимот қилди. Ўзбекистон ахолиси томонидан энг талабга эга бўлган ҳаётий вазиятлардан иборат мазкур бўлим халқаро тажрибадан келиб чиққан холда ҳамда ЯИДХП фойдаланувчилари томонидан таклиф этилган оммавий хизматлар рейтинги таҳлиллари асосида ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди. Мазкур бўлимнинг ишга туширилиши аризачи муаммосини турли вазирлик ва идораларга мурожаат қилиш каби алоҳида қисмларга ажратмасдан яхлит тарзда ҳал қилиш имконини беради.

Давлат хизматларини “ҳаётий вазиятлар” бўйича гуруҳлаштириш амалиёти дунё мамлакатларда кенг тарқалган. Масалан, Канада ва АҚШ (17 та ҳаётий вазиятлар), Буюк Британия (16), Австралия ва ЖАР (14), Франция (11), Россия (9) ва Эстония (6) порталларида ушбу принцип қулланилган. Ушбу мамлакатларда “фарзанд туғилиши”, “нафақага чиқиш”, “иш излаш”, “ўлим” каби ҳаётий вазиятлар тақдим этилган.

Бундан ташқари матбуот брифингида my.gov.uz сайтида “Ҳаётий вазиятлар” бўлимини яратиш бўйича мутахассисларнинг бажарган ишлари ҳақида умумий хисоботлари тақдим этилди.

“Ҳаётий вазиятлар” бўлимини яратиш бўйича ишлар ЛБМА ва БМТТДнинг ҳамкорликдаги «Самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформацияни ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси молиявий кўмагида амалга оширилди.

Тадбир доирасида иштирокчилар мутахассисларга саволлар бериш имкониятига эга бўлдилар.

ЖС_uz.png


Рўйхатга қайтиш

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.