Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

Қозоғистоннинг «Зерде», «НИТ» ва Ўзбекистоннинг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ўртасида учтомонлама келишув имзоланди

Қозоғистоннинг «Зерде», «НИТ» ва Ўзбекистоннинг Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ўртасида учтомонлама келишув имзоланди

Жорий йилнинг 12-14 июн кунлари Нур-Султон шаҳрида (Қозоғистон) ҳар йили ўтказиладиган – “IDC Central Asia СIO Summit 2019” саммити бўлиб ўтди.

IDC Central Asia СIO Summit – бу Марказий Осиё, Озарбайжон ва Монголия давлатларидаги йирик компаниялар ва давлат ташкилотларининг юқори даражадаги раҳбарлари, тадқиқотчилари ва соҳа экспертлари ўртасида тажриба алмашиш ва мулоқот қилишга мўлжалланган эксклюзив майдонча бўлиб, унда иштирокчилар ўзларининг омадли стратегиялари билан ўртоқлашишлари ва актуал масалаларни ҳамкасблари қандай усуллар билан ҳал этаётганларини билиб олишлари мумкин.

Саммит дастури ялпи мажлис, соҳанинг муҳим мавзулари бўйича секциялар, давра суҳбатлари, индивидуал учрашувлар, мастер-класслар ва нетворкинг-сессиялардан ташкил топди.

Бу йилда саммитнинг асосий мавзулари сифатида қуйидагилар танланди:

·         Бизнес, шаҳар ва мамлакатнинг Рақамли Трансформацияси стратегияси;

·         Рақамли бизнесни ривожлантиришда устувор йўналишлар;

·         Рақамли ташкилотнинг маданиятини ривожлантириш;

·         Рақамли бизнеснинг ташкилий таркиби;

·         CIO ва CDO нинг ташкилотдаги роли;

·         Интеграция қилинган рақамли стратегиялар ва ривожланиш йўли;

·         Масштаблаштириш имкониятлари;

·         Рақамли KPI;

·         Платформаларни қайта шакллантириш;

·         Рақамли технологиялар билан ҳаёт.

Саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) ва Агентлик қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ходимлари иштирок этишди.

Саммит давомида “Зерде” Миллий ахборот-коммуникациялари холдинги (Қозоғистон), “Миллий ахборот технологиялари” АЖ («НИТ» АЖ, Қозоғистон) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази ўртасида Электрон ҳукумат соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисида учтомонлама Келишув имзоланди.

Маълумот учун: «Зерде» Миллий ахборот-коммуникациялари холдинги – Қозоғистоннинг йирик давлат компанияси бўлиб, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. Холдинг 2008 йил июль ойидан буён Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг қарорига асосан фаолият юритиб келади. «Зерде» холдинги ахборот-коммуникация технологиялари бозорини ривожлантириш ва илғор лойиҳаларни амалга ошириш, ягона ахборот-коммуникация муҳитини яратиш мақсадида ташкил этилган.

Келишув томонларнинг қуйидаги йўналишларда ҳамкорлигини кўзда тутади:

1)   томонлар ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш;

2) ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, стандартлаштириш соҳасидаги ҳужжатлари, шунингдек, ўзаро фойдали бўлган очиқ маълумотлар ва ҳужжатлар билан алмашиш;

3) электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳасида форумлар, давра суҳбатлари, семинар ва тақдимотлар, ўқув курслари, учрашув ва музокараларни ҳамкорликда ташкиллаштириш ва ўтказиш;

4) консультация бериш бўйича хизматлар ва тажриба алмашиш соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш;

5) электрон ҳукуматни ривожлантиришга таалуқли бўлган бошқа соҳаларда фаолият кўрсатиш.

Маълумот учун: “Миллий ахборот технологиялари” Акционерлик жамияти («НИТ» АЖ) – Қозоғистон Республикасининг ахборот-технологиялари бозоридаги энг йирик компания ҳисобланади. Компания Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг 2000 йил 4 апрелдаги № 492-сон Қарори билан ташкил этилган. 2008 йилдан буён «Зерде» Миллий ахборот-коммуникациялари холдинги”нинг таркибига кирувчи корхонаси ҳисобланади. “НИТ” АЖ 2016 йил 29 январдан “Электрон ҳукумат” ахборот-коммуникация инфратузилмаси оператори этиб белгиланган ва 2016 йил 26 февралдан – Ягона контакт-маркази вазифасини ҳам бажариб келади.

Имзоланган Келишувнинг мақсади - электрон ҳукумат соҳасида томонларнинг тенглик, биргаликда ривожланиш, ўзаро англаш, ҳурмат ва ишончга асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш, билим, тажриба ва инновацион ечимлар билан ўртоқлашиш ҳисобланади.

Келишувдаги мақсадларга эришиш учун, ташкилотлар ўзаро маълумот ва ҳужжатлар, шунингдек, норматив ҳужжатлар билан алмашишга, музокаралар ўтказиш, уларда иштирок этиш ва бошқа ҳаракатларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Рўйхатга қайтиш

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.