Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди

Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди

2019 йил 16 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси ҳузуридаги Aхборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда Aгентлик), Aгентлик қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази (кейинги ўринларда Марказ) ҳамда “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб қувватлаш жамғармаси раҳбарияти иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
photo_2019-09-16_14-38-53.jpg
Матбуот анжумани иштирокчилари электрон ҳукумат соҳасининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари билан таништирилдилар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ПФ-5598-сонли Фармонига мувофиқ, Aгентлик электрон ҳукумат соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланади, шунингдек давлат бошқарувида ахборот тизимларини жорий этиш, ушбу соҳадаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш учун жавобгардир.
Матбуот анжуманида электрон ҳукумат соҳасининг асосий кўрсаткичлари, Aгентлик ва Марказнинг устувор вазифалари тақдим этилди ва аҳолига Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланиш имкониятлари намойиш этилди. Хусусан, 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш концепциясининг лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги, унинг стратегик мақсади, электрон ҳукумат етуклигининг кейинги босқичига ўтиш – интеграциялашган ҳукуматни ривожлантириш қуйидагиларга қаратилганлиги таъкидланди: - давлат органларининг ахборот тизимлари, ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини жорий этиш ва ривожлантиришда ягона технологик ёндашувни сўзсиз амалга ошириш; - маълумотларни марказлашган ҳолда сақлаш, ишлов бериш ва алмашиш тамойилини таъминлаш; - “Электрон ҳукумат” тизимида иштирокчиларининг ўзаро келишилган, бир-бирини тўлдирувчи ва бирлаштирилган усуллари ва ёндашувларини қўллаш. Бундан ташқари, матбуот анжуманида концепцияни амалга ошириш самарадорлигини баҳолашнинг асосий кўрсаткичлари лойиҳаси тақдим этилди.

photo_2019-09-16_14-39-20.jpg

photo_2019-09-16_14-39-56.jpg

photo_2019-09-16_14-39-49.jpg
Учрашувнинг муҳим қисмидан бири, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Портал)нинг янги талқини тақдимоти бўлди. Порталдаги жорий ўзгаришлар аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш ва жорий этиш, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга қаратилган. Порталнинг янги талқинидаги асосий қулайлик бу - фойдаланувчи учун мослашувчан дизайнга эга бўлган интерфейсдир. Эндиликда Порталдан фойдаланишда компьютер талаб этилмайди, мобил телефон ёки планшет орқали ҳам бир марта рўйхатдан ўтиб, Порталдан ҳеч қандай қийинчиликсиз фойдаланиш мумкин. Портал кенг кўламдаги давлат хизматларидан фойдаланиш, зарур маълумотларни қидириш, бизнес масалаларини тезда ҳал қилиш ва бошқа кўплаб имкониятларни яратишда фойдаланувчиларга тезкорлик ва аниқликни тақдим этади. Порталнинг янги талқини, аввалги талқинидан фарқли ўлароқ эндиликда фойдаланувчидан барча давлат хизматлари тури билан танишиш учун ягона идентификация тизимидан руйхатдан ўтиши талаб этилмайди.

photo_2019-09-16_14-39-40.jpg
Шунингдек, давлат органларида ахборот тизимларини яратиш бўйича лойиҳаларни экспертиза қилиш каби муҳим мавзуга тўхталиб ўтилди, “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги камчиликлар кўриб чиқилди. Хусусан, ягона стандартларнинг йўқлиги, вазирликлар ва идораларнинг ахборот тизимларининг тарқоқлиги, ахборот тизимлари буюртмачилари ва уларни яратиш ва қўллаб-қувватлаш учун молиялаштириш манбаларини мажбурий белгилаш бўйича амалдаги талабларга риоя этилмаётганлиги айтиб ўтилди. Самарали идоралараро ҳамкорликни таъминлаш учун “Электрон ҳукумат” хизматларининг ягона архитектурасини таъминлаш, сифатини ошириш ва электрон давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, Aгентлик, Марказ ва Фонд вакиллари оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блоггерларнинг саволларига жавоб бердилар.

Рўйхатга қайтиш

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.