Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

Тошкентда Ўзбекистон-Корея Электрон ҳукумати ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик маркази очилди

Тошкентда Ўзбекистон-Корея Электрон ҳукумати ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик маркази очилди

2020 йил 30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида (кейинги ўринларда – Агентлик) Ўзбекистон-Корея Электрон ҳукумати ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик марказининг (кейинги ўринларда – Марказ) тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Агентлик директори Дмитрий Ли ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазири ўринбосари Юн Джон Ин бошчилигидаги Корея Республикаси делегацияси иштирок этишди.

Шу нарсани алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев куни кеча Сенат ва Қонунчилик палатасига қилган Мурожаатномасида, 2020 йилни «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон қилди. Янги Марказнинг очилиши, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу соҳада илгари сурилган улкан мақсадларга эришиш йўлидаги яна бир қадамдир.

IMG_4337.JPG

Учрашув давомида томонлар, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳаларини ривожлантиришдаги стратегик ҳамкорлик ўзаро фойдали бўлган натижалар олиб келишини қайд этиб ўтдилар.

Корея томонидан «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришда иштирок этиш учун кореялик экспертлари жалб этилиши, Кореяда Агентлик ва бошқа давлат органлари мутахассислари учун қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларини ташкил қилишга тайёр эканликлари таъкидлаб ўтилди.

IMG_4343.JPG

Ўзбекистон-Корея Электрон ҳукумати ва рақамли иқтисодиёт ҳамкорлик марказининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

·        «Электрон ҳукумат» тизимини таҳлиллар ва тадқиқодлар асосида кейинчалик ривожлантириш ва такомиллаштириш бўйича стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш;

·        Электрон ҳукумат тизимлари, рақамлаштириш бўйича лойиҳалар ва рақамли иқтисодиётни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ва ахборот тизимларини жорий этишни мувофиқлаштириш;

·        Электрон ҳукуматни ривожлантириш ва давлат хизматларини кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган маркетинг ва инновацион тадқиқодлар ўтказиш;

·        Рақамли иқтисодиётни бошқариш соҳасидаги ваколатларни ривожлантириш учун услубий асосларни яратиш, шунингдек, электрон тижорат соҳасида тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

·        Давлат бошқарувида электрон платформалар ва электрон ҳукумат технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, инновацион рақамли технологияларни тажриба асосида жорий этиш ва уларни Ўзбекистон Республикасида кенг тарғиб этиш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

·        Мавжуд жараёнларни ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек функционал ва операцион жараёнларни тизимли оптималлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

Очилиш маросими доирасида, Корея Республикаси делегацияси, Агентлик раҳбарияти ва Агентлик қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази иштирокида, электрон ҳукумат соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича ўзбек-корея Кенгаши аъзоларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида томонлар 2019 йилда электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик натижаларини муҳокама қилдилар. Учрашув натижасида янги ахборот технологияларини жорий қилиш, ўқув дастурларини ташкил этиш ва электрон ҳукумат соҳасида тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келгусидаги режа ва мақсадлар белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 17 декабр куни Сежонг шаҳрида (Корея Республикаси) Агентлик ва Корея Республикаси Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлиги ўртасида, ҳамкорликдаги Марказни ташкил этиш тўғрисида битим имзоланган эди. Мазкур Битимга мувофиқ Марказ лойиҳаларини амалга ошириш учун 3 йил муддатга 2 миллион АҚШ доллари миқдорида грант ажратилиши белгиланган.

Рўйхатга қайтиш

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.