Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

Ягона порталда тўртта янги хизмат ишга туширилди

Ягона порталда тўртта янги хизмат ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази, Давлат ахборот тизимларини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш Ягона интегратори «UZINFOCOM», Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28-йиллиги байрамига Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (Ягона Портал) тўртта янги онлайн давлат хизматларини ишга туширдилар.

Хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиниш жараёнини такомиллаштириш мақсадида, 2019 йил 1 сентябрдан қуйидаги давлат хизматлари ишга туширилди:

- ​Хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) учун электрон ариза юбориш​;

- Хорижий давлатларда умумий ўрта ва ўрта таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш учун ариза юбориш.

Икки хизмат ҳам фақатгина электрон кўринишда Ягона портал ёки Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилади.

Бундан ташқари, интеллектуал мулк соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни инобатга олиб, 2019 йил 1 сентябрдан Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этиладиган талабномалар  фақат электрон шаклда Ягона портал ёки давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилина бошланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 августдаги «Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги 672-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида, 2019 йил 1 сентябрдан  Ер ости сувларига қудуқларни бурғулаш учун рухсатнома олиш учун аризалар фақат электрон шаклда Ягона портал ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинишни бошлади.

Аҳоли учун қулайликлар яратиш мақсадида, Ягона портал орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари сонини ошириш бўйича ишлар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ягона портал орқали кўрсатиладиган, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан талаб юқори бўлган онлайн давлат хизматларининг сифати ва сонини ошириш мақсадида, аҳоли ўртасида сўровнома ўтказмоқда.

Сўровнома икки хил кўринишда тузилган:

1)    http://bit.ly/egovuzbekistan - талаб юқори бўлган 40 дан ортиқ давлат хизматларидан ташкил топган сўровнома. Ушбу хизматлар давлат органлари томонидан тақдим этилаётган давлат хизматлари кўрсатиш статистикаси таҳлили асосида Марказ томонидан аниқланди.

2)    http://bit.ly/egovuzbekistan2 - 400 дан ортиқ давлат хизматларини ўз ичига олган сўровнома. Ушбу сўровнома сиздан кўпроқ вақт ажратишингизни талаб қилади, бироқ анъанавий шаклда тақдим этиладиган хизматларнинг деярли барчасини қамраб олади.

Овоз беришингиз учун қулайлик яратиш мақсадида, хизматлар уларни тақдим этадиган вазирлик ва идоралар кесимида гуруҳланган. Шу билан биргаликда, ҳар бир йўналишда, сиз ўзингиз Ягона портал орқали олишни истаган хизмат номини қўшишингиз мумкин (агар улар таклиф қилинган руйхатда мавжуд бўлмаса).

Овоз бериш натижаларига кўра ҳамда сизнинг таклиф ва хулосаларингиз асосида аниқланган юқори талабга эга (энг кўп овоз тўплаган) давлат хизматлари, Ягона порталда янги интерактив давлат хизматларини жорий этишда инобатга олинади.

Сўровнома 2019 йил 15 сентябргача давом этади.

Рўйхатга қайтиш

Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги №ПФ-5624-сонли фармонига асосан ташкил этилган.