Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

Ўзбекистон - рақамли иқтисодиёт харитасида янги истиқболли нуқта

Ўзбекистон - рақамли иқтисодиёт харитасида янги истиқболли нуқта

Бошқа кўплаб соҳаларда бўлгани каби, Ўзбекистонда «блокчейн» технологияси ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ва тартибга солиш учун замонавий ёндашувлар қўлланилмоқда. 2018 йилда мамлакат рақамли иқтисодиётни ривожлантириш томон йўл тутди. “Блокчейн” технологиясини ривожлантиришнинг, хусусан, давлат бошқарувида “блокчейн” технологияларини жорий этиш бўйича устувор йўналишлар белгилаб олинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (Агентлик) рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ваколатли орган ва крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни лицензияловчи орган сифатида белгиланди.

Кейинчалик давлат-хусусий шериклик шартлари асосида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни, шу жумладан, “блокчейн” технологияларини жорий этиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун инвесторларнинг маблағларини жалб қилиш ва бирлаштириш, ушбу йўналишдаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик хузурида “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришн қўллаб-қувватлаш Жамғармаси ташкил этилди.

Мамлакатда крипто-биржа фаолиятини лицензиялаш тартиби белгиланган ва крипто-биржа савдосини амалга ошириш қоидалари ўрнатилган. Лицензияда асосий эътибор пулларни ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда фирибгарлик схемаларидан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларга риоя қилишга қаратилади.

2019 йилнинг декабрь ойида Кореянинг “Kobea Group” компанияси крипто-биржани очиш учун лицензия олди ва www.uznex.com.
биржасини ишга туширди. Ҳозирда у нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам биринчи лицензияга эга крипто-биржадир.

Шу йилнинг январь ойида давлат раҳбарининг “блокчейн” технологиясини, крипто-активлар айланмаси ва бошқа инновацион рақамли технологияларни жорий этиш соҳасидаги пилот лойиҳаларни синаб кўриш ва амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ҳузурида Рақамли технологияларини ривожлантириш бўйича “Uzbekistan Blockchain Valley” "Регулятив қумдон”ини ташкил этиш тўғрисидаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қумдон доирасида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги инновацион лойиҳалар учун махсус ҳуқуқий тартибга солиш режимини яратиш ҳамда регулятор билан келишилган ҳолда чекланган фойдаланувчилар доираси учун пилот лойиҳаларни амалга оширишга рухсат этилади.

Лойиҳани амалга ошириш муддати тугагач (бу муддат 1 йилдан 3 йилгача бўлиши мумкин), синаб кўрилган нормаларни жорий қилган ҳолда лойиҳа республика худудида умумий фойдаланиш учун чиқарилади, ёки самарасиз бўлса, лойиҳа тугатилади. Қумдоннинг иштирокчиси бўлиш учун компания Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлиши керак, хорижий компаниялар эса республика худудида компания ёки ваколатхонани рўйхатдан ўтказиб, иштирок этишлари мумкин.

Крипто-активлар муомаласини ҳуқуқий тартибга солишга ягона ёндашувлар мавжуд бўлмаган шароитда Регулятив қумдонни ташкил этиш бошқариладиган муҳитда янги технологияларни ишлаб чиқиш ва синаш ҳамда хавфларни иложи борича камайтириш имкониятини берадиган энг мақбул ечим ҳисобланади. Қумдонда лойиҳаларни амалга ошириш, бир томондан технологик компаниялар учун лойиҳаларни ишга тушириш харажатлари ва вақтини камайтиради, бошқа томондан эса давлат идораларига ушбу технологияларни тушунишга ва лойиҳаларни амалга ошириш учун бошқариладиган муҳитни яратиш орқали уларни тартибга солишнинг энг оптимал вариантларини топишга ёрдам беради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг крипто-активлар майнингини амалга оширадиган резидент ва норезидентлари-майнерларининг аппарат қувватларини бирлаштириш учун “Uzbekistan Cryptocurrency Mining Pool” Миллий майнинг-пулини ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Хусусий майнерларни рўйхатдан ўтказиш, саноат майнерлари (100 кВт/соат дан ортиқ электр энергиясидан фойдаланадиган майнерлар) фаолияти эса лицензияланиши кўзда тутилмоқда. Лицензия эгалари ва рўйхатдан ўтган майнерлар учун майнинг-пулда иштирок этиш мажбурий бўлади. Лицензиялаш ва рўйхатдан ўтказиш ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Узоқ вақт давомида Ўзбекистон электр энергиясининг нисбатан арзонлиги туфайли майнингнинг арзонлиги бўйича етакчи мамлакатлардан бири бўлиб келди. Бироқ, бу ҳолат 2019 йилда сезиларли даражада ўзгарди, 2019 йилнинг охирида Энергетика вазирлиги ташаббуси билан 2020 йил март ойидан майнерлар учун электр энергияси тарифларини 3 баравар ошириш ҳақида қарор қабул қилинди. Ушбу ҳолат майнерлар жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлди.

Миллий майнинг-пул иштирокчилари учун электр энергияси учун стандарт тарифларни сақлаб қолиш ва оширилган тарифларни фаолиятини фақат ноқонуний, рўйхатдан ўтмасдан ёки лицензия олмасдан олиб борувчи майнерлар учун қолдириш таклиф этилмоқда.

Регуляторнинг фикрига кўра, Миллий майнинг-пулни ташкил этиш майнинг учун қулай муҳитни шакллантириш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ушбу соҳадаги компаниялар фаолиятини ривожлантириш ва уларнинг фаолиятини қонунийлаштиришга ёрдам беради.

Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни ҳуқуқий майдонга киритиш учун “крипто-биржалар фаолиятини олиб бориш”, “хусусий майнинг”, “саноат майнинги”, “крипто-активлар айланмаси соҳасида хизматлар провайдери” каби иқтисодий фаолиятнинг янги турларига таъриф бериш масаласи кўтарилган. Шунингдек, Агентлик фаолиятнинг иқтисодий турлари статистик таснифи бўйича халқаро стандартга ўзгартириш киритиш учун («Statistical classification of economic activities in the European Community», NACE Rev.2) Европа Иттифоқининг стандартлар бўйича ишчи гуруҳи билан мулоқот ўрнатишни режалаштирмоқда.

2020 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Парламентнинг янги таркибига навбатдаги мурожаатномада 2020 йил "Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб эълон қилинди.

Юқорида келтирилган барча маълумотларни инобатга олган ҳолда шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги кунда Ўзбекистон рақамли лойиҳаларни, шу жумладан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун истиқболли мамлакат ва потенциал янги бозор сифатида халқаро ҳамжамиятда ўз ўрнини мустаҳкамламоқда.



Рўйхатга қайтиш

ИТ Парк – бу ИТ-компаниялар учун истиқболли бошланғич лойиҳаларни, ташқи иқтисодий зонани, шу жумладан илмий ва таълим ташкилотлари билан интеграциялашган ҳолда ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган обектлар, бино ва иншоотлар мажмуаси.

it-Park