Махсус имкониятлар
Шрифт катталиги:
A A
Сайт кўриниши:
A A

Ўзбекистонда “блокчейн” технологияси ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи Регулятив қумдон ташкил этилмоқда

Ўзбекистонда “блокчейн” технологияси ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи Регулятив қумдон ташкил этилмоқда

Бугунги кунда дунё ҳамжамияти ўз эътиборини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган, Марказий Осиёнинг қоқ ўртасида жойлашган 34 миллионлик аҳолига эга бўлган Ўзбекистонга қаратмоқда.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида инвестиция киритиш жозибадорлигини ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, бизнесни юритиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш белгиланган.

Давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш, барча соҳаларда рақамли трансформацияни, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон замон билан ҳамнафас бўлиб қадам ташлашга ва яқин келажакда инновацион рақамли ечимларни жорий қилиш учун қулай муҳитни яратиш бўйича етакчи давлатлар қаторидан ўрин олишга ҳаракат қилмоқда.

Ва бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон нафақат МДҲда, балки бутун дунёда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида “блокчейн” технологиясидан фойдаланишни ва крипто-активлар айланмасини тартибга солишни бошлаган илк давлатларнинг бири бўлди.

2018 йилда мамлакатимиз Президенти томонидан крипто-активлар айланмасини тартибга солишни бошлашга асос солган “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон ва “Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3926-сон қарорлари қабул қилинди.

Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) белгиланди, ва крипто-активлар айланмаси, шу жумладан майнинг, смарт-шартномалар, шунингдек, “блокчейн” технологиялари соҳасидаги фаолиятни жорий қилиш ва ривожлантириш инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятининг турли шаклларини диверсификация қилиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди. 

Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахсларнинг крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ операцияларини ва даромадларини, шу жумладан, норезидентлар томонидан амалга ошириладиган операцияларни, солиққа тортишдан озод қилиш кўринишидаги дадил қадам қўйилди.

Натижада 2019 йилнинг декабрь ойида Марказий Осиё минтақасида крипто-биржа фаолиятини амалга ошириш учун биринчи лицензия берилди ва бу биржа 2020 йилнинг январь ойида ўз фаолиятини бошлаганлигини расман эълон қилди.

Шу билан бирга, ЛБМА крипто-активлар айланмаси учун тартибга солиш муҳитини шакллантиришда, биринчи навбатда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни, крипто-активлардан турли хил ноқонуний мақсадларда, шу жумладан, пулларни ювиш ва терроризмни молиялаштириш учун фойдаланишнинг олдини олишни таъминлаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, эҳтиёткорлик ва изчиллик билан ёндошмоқда.

Ахир, крипто-активлар айланмаси соҳасида ҳам минтақавий, ҳам халқаро миқёсда ягона тартибга солувчи ёндашувнинг йўқлиги, шунингдек, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиш суръати амалда мавжуд ёндашувларни қўллаш орқали уларни самарали ҳуқуқий тартибга солишни истисно қилади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг январь ойида ЛБМА хузурида Рақамли технологияларни ривожлантриш бўйича “Uzbekistan Blockchain Valley” Регулятив қумдонни ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. ЛБМА томонидан тегишли ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ўз иштирокчиларига рақамли технологияларни синаб кўриш ва ҳуқуқий тартибга солишнинг услубий ёндошувларни ишлаб чиқиш учун ўзига хос ҳуқуқий режимларни берувчи бундай турдаги Регулятив қумдонлар Буюк Британия, Сингапур, Малайзия, Голландия ва Россия Федерациясида айни вақтда қўлланилмоқда.

“Uzbekistan Blockchain Valley” Регулятив қумдонни ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад крипто-активлар айланмаси ва “блокчейн” технологияси соҳасидаги республиканинг амалдаги ҳуқуқий тизими доирасида тартибга солинмаган лойиҳаларни синаб кўриш ва тажрибавий амалга ошириш учун ягона майдонча яратишдан, янги тартибга солиш механизмларинин шакллантириш ва ушбу тартибга солиш механизмларини синаб кўриш, инновацион рақамли технологияларни мамлакат бозорига чиқариш вақти ва ҳаражатларини қисқартиришдан иборатдир.

Регулятив қумдон резидентларининг асосий фаолият йўналишлари сифатида қуйидагиларни белгилаш таклиф этилоқда:

“блокчейн” технологиясини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

крипто-активлар билан боғлиқ битимлар бўйича биржадан ташқари хизматларни тақдим этиш;

хусусий ва саноат майнингини амалга ошириш;

крипто-активларни конвертация қилиш, крипто-ҳамён хизматларини тақдим этиш;

крипто-активларни дастлабки жойлаштириш (Security Token Offering);

крипто-активлар айланмаси ва “блокчейн” технологияси соҳасидаги бошқа фаолият.

Регулятив қумдон резиденти мақомини олиш учун компаниялар Регулятив қумдон йўналишларига мос келадиган фаолият турларидан бирини амалга ошириши, крипто-активлар айланмаси ва “блокчейн” технологияси соҳасидаги Регулятив қумдонда фойдаланиш ва синаб кўриш учун таклиф қилинадиган ўзига тегишли ва ноёб технологиялар (маҳсулотлар, хизматлар)га эга бўлишлари керак, ёки ҳаммага маълум технологиялардан фойдаланишда инновацион ёндошув қўлланилаётганини исбот қилиб беришлари керак. Шунингдек, уларда мақсадли кўрсаткичларга эга бизнес-режа, хавфларни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ва уларни камайтириш бўйича тадбирлар режаси, лойиҳани амалга оширишга доир ишларни тўхтатиш бўйича тадбирлар режаси ва потенциал мижозларнинг лойиҳада қатнашиши ҳақидаги ёзма розилиги бўлиши керак.

Кўпгина қумдонларда бўлгани каби, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги инновацион лойиҳалар учун махсус ҳуқуқий тартибни жорий этиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, лойиҳани амалга ошириш муддати 12 ой билан чекланади, бунда муддатни яна 24 ойдан ошмаган вақтга узайтириш имконияти берилади. Ушбу муддат тугаганидан кейин ёки ушбу давр ичида, лойиҳани таҳлил қилиш натижаларига кўра, агар у самарали деб топилса, Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига синаб кўрилган нормаларни киритиш ва лойиҳани Регулятив қумдон доирасидан ташқарида давом эттириш тўғрисида, самарасиз деб топилган тақдирда эса унинг кейинги амалга оширилишини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Шу муносабат билан Регулятив қумдон крипто-активларнинг тўлиқ айланмасига силлиқ ўтиш ва крипто-активлар айланмаси ва “блокчейн” технологиясини жорий этиш билан боғлиқ жараёнларни тартибга солишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш учун платформа ва оралиқ бўғин сифатида баҳоланмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, крипто-активлар айланмасини тартибга солишга услубий ёндашувларни ишлаб чиқиш жараёнида ЛБМА пулларни ювиш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашнинг халқаро стандартлари (ФАТФ тавсиялари) га риоя этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Регулятив қумдонни ташкил этиш мақсади умуман олганда яна бир илғор қадам бўлиб, Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун замонавий рақамли технологияларни фаол жорий этишнинг тарафдори эканлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Рўйхатга қайтиш

ИТ Парк – бу ИТ-компаниялар учун истиқболли бошланғич лойиҳаларни, ташқи иқтисодий зонани, шу жумладан илмий ва таълим ташкилотлари билан интеграциялашган ҳолда ишга тушириш ва бозорга чиқаришни таъминлаш учун мўлжалланган обектлар, бино ва иншоотлар мажмуаси.

it-Park